МУРОЖААТНОМА

Қадрли мактабимиз ўқувчиларининг Оталари ва Оналари!
Энг аввало, Сизларни ва Сиз орқали азиз болажонларимизни
янги 2020-2021 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан чин қалбимдан табриклайман.
Мана беш ойдирки, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида фарзандларимиз мактабларга бора олмасдан, ўз тенгдошлари билан бевосита мулоқотдан чекланган. Ўқитувчилар болажонларни, болажонлар эса ўз устозларини, дўстларини, қолаверса, мактаб шукуҳини жуда соғинган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, пандемияни қисқа фурсатларда бартараф этиш жуда оғир. Шундай экан, барчамиз ноодатий шароитларда яшаш ва меҳнат қилишга кўникишимиз, энг асосийси, фарзандларимизни сифатли таълим олишни давом эттиришлари учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз лозим.
Мактабимиз жамоаси мазкур мақсад йўлида мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда таълим жараёнини бугунги кун талаблари асосида хавфсиз ташкил этиш учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Жумладан, санитария-гигиена қоида ва меъёрлари асосида жиҳозланиб, ўқитувчи ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш учун доимий фаолият юритадиган тиббиёт ходими жалб этилади.
Шундай экан, мактаб маъмурияти ва шахсан мен фарзандингиз мактабга келганида барча эҳтиёт чоралари кўрилишини таъминлашга кафолат берамиз.
Ўз навбатида, Сиздан фарзандингиз соғлиғини доимий назоратда ушлаш ҳамда ҳар қандай касаллик аломатлари сезилган тақдирда, уни мактабга юбормасдан, зудлик билан шифокорга ва мактаб маъмуриятига хабар беришингизни сўрайман.
Унутманг, фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси учун барчамиз бирдай масъулдирмиз.
Самимият билан, 29-умумий ўрта таълим мактаб директори

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

*